Президент ҳудудлардаги янги кўп қаватли уйларни босқичма-босқич «яшил» энергияга ўтказиш муҳимлигини таъкидлади. Қуриладиган уй-жойни энергия билан таъминлаш учун қуёш электр станциялари билан шартнома тузган қурувчилар фойда солиғидан озод қилинади, кредит ставкаси арзон бўлади.
2024 йилда Ўзбекистон яна ЕТТБнинг Марказий Осиёда молиялаштириш бўйича етакчи давлатига айланди; банк йил давомида мамлакат иқтисодиётига 938 млн евро сармоя киритди. Маблағларнинг ярмидан кўпи яшил иқтисодиёт лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.
Президент Ўзбекистон Марказий Осиёда «яшил» энергетика бўйича қўшма лойиҳалардан манфаатдор эканини таъкидлади. «Минтақамиз улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой. Бу йўналишда ҳар бир хорижий ҳамкоримизга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрмиз», — деди у.
COP29 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон раҳбарлари «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолади.
Келгуси 6 йилда Ўзбекистонда электрга бўлган талаб 83 млрд дан 120 млрд киловатт-соатгача ўсиши кутилмоқда. «Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаймиз», — деди президент. У, шунингдек, Осиё ва Европа бозорларига «яшил» энергия етказиб бериш режаларини ҳам маълум қилди.
Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида қуёш электр станциялари, Навоий вилоятининг Томди туманида шамол электр станциясининг биринчи босқичи ишга туширилди. Уларнинг умумий қуввати 2400 МВтни ташкил қилади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Яшил энергия» сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, «Яшил энергия» сертификати биржа савдоларига регистрант томонидан стандарт лотлар асосида сотувга қўйилади.
Ўзбекистон яқин йилларда умумий қуввати 8 ГВт дан ортиқ қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бироқ, «яшил» ўтиш ривожланаётган иқтисодиёт ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун шок ҳолатини яратмаслиги керак, дея таъкидлади бош вазир Абдулла Арипов.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг